Линклар

Шошилинч хабар
30 май 2025, Тошкент вақти: 16:27

Кўзга кўринманг! Меҳмон ташрифи олдидан Самарқанд яна "тозаланди"


Самарқандда 2022 йили ўтган саммит пайтида олинган расм.
Самарқандда 2022 йили ўтган саммит пайтида олинган расм.

Италия Бош вазири ташрифи арафасида Самарқандда талабалар айрим ётоқхоналардан чиқарилиб, шаҳарда ҳаракат чекланди. Ўзбекистонда танқидларга қарамасдан бундай амалиёт йиллар давомида сақланиб қолмоқда.

Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанддаги филиали талабалари Озодликка мурожаат қилиб, 26 май куни уларга оғзаки равишда ётоқхонани бўшатиш буйруғи берилганини билдиришди. Шу куниёқ бошқа жойдан вақтинча бошпана топиб, чиқиб кетишга мажбур бўлишгани хақида исм-шарифини ошкор қилмаслик илтимоси билан сўзлаб беришди:

“Қаёқа борамиз? - десак, қариндошларникига ёки танишларнинг уйларига боринглар, дейишди. Лекин бизга ҳеч қандай расмий қоғоз кўрсатишмади. “Бунга қонуний буйруқ борми?” десак, “кўнмаганлар якуний имтиҳонлардан ўтмайди” деб огоҳлантиришди” .

“Бизга деканатдан шундай буйруқ беришди. Чиқиб кетинглар дейишди. Ҳозир хоналар бўш. Самарқанда ким келаётганини ҳам, тўғриси, билмайман. Ким келиб кетаётганининг менга қизиғи йўқ”.

Талабалар юборган расм. 26 май, 2025 йил.
Талабалар юборган расм. 26 май, 2025 йил.

Айни пайтда, ётоқхонадан қанча талаба чиқарилгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Университет раҳбариятига бу борада Озодлик журналисти юборган сўровга ҳозирча жавоб бўлмади.

Талабалардан бўшатилган ётоқхона Самарқанд аэропортидан шаҳар марказига олиб борувчи йўл бўйида жойлашган. Маҳаллий журналистларнинг таъкидлашича, бундай ҳолат аввалги халқаро саммитлар пайтида ҳам кузатилган.

Италия Бош вазири Жоржа Мелонининг Самарқанда ташрифи 28-29 май кунлари бўлиб ўтади. Маҳаллий аҳолининг айтишича, шаҳарни “тозалаш” ишлари бир неча кун аввал бошланган. Талабаларни ётоқхонадан чиқариш, марказий йўлларда автомобиллар ва одамлар ҳаракатларини кескин равишда чеклаш шулар жумласидандир.

Италия бош вазири Жоржа Мелони билан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев. 28 май, 2025 йил. Самарқанд.
Италия бош вазири Жоржа Мелони билан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев. 28 май, 2025 йил. Самарқанд.

"Ҳукуматнинг берган ваъдаларига зид"

Human Rights Watch (HRW) ҳалқаро ҳуқуқ ташкилотининг Ўзбекистон бўйича собиқ тадқиқотчиси Стив Свердлов йиллар давомида ҳал этилмаётган бу масалага жиддий эътибор қаратиш лозимлигини айтади:

“Талабаларнинг ётоқхонадан чиқарилаётгани ҳақидаги хабар Марказий Осиёдаги энг авторитар раҳбарларнинг амалларини эслатади ва афсуски, бу ҳолат "Янги Ўзбекистон"да аҳолига нисбатан бутунлай бошқача ёндашув бўлиши ҳақида ҳукумат берган ваъдаларга зид келади. Мен ишонаманки, Италия бош вазири бундай ташриф унинг номи билан бундай чора-тадбирларга асос бўлишини хоҳламас эди”.

Озодлик Самарқанддаги бошқа университет ва коллежларга боғланиб, ҳолатни ўрганишга ҳаракат қилди. Айрим ўқитувчилар шаҳар марказидаги филиалларда ўқишлар вақтинча тўхтатилаётгани, йўл бўйидаги ётоқхоналарда яшовчиларга "икки кунга турар жойни алмаштириб туриш ёки расмий ташриф пайтида кўчага чиқмаслик таклифи берилганини" айтишди.

Расмий сафар олдидан кўрилган тайёргарликлар бўйича ҳукумат органлари ёки маҳаллий ҳокимият ҳозирча муносабат билдиргани йўқ.

Франциядаги Марказий Осиё инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Атаева ушбу ҳолатни ўрганаётган фаоллардан бири:

Надежда Атаева
Надежда Атаева

“Мени ҳайрон қолдиргани — талабаларнинг кўчада қолгани ёки қўрқиб, муаммоси ҳақида гапира олмаётгани эмас, балки таълим жараёнини таътил деб ҳам бўлмайдиган ноқонуний ва асоссиз тарзда тўхтатишдир. Нима учун Таълим вазирлиги бунга йўл қўймоқда? Нима учун ижтимоий ёрдам хизмати жим? Нега ҳукумат тадбиркорларга солиқ имтиёзлари бериш орқали фуқароларга ёрдам кўрсатиш имконини яратмайди? Нега бу даврда онлайн таълим ташкил этилмаяпти? Бу саволлар жавобсиз қолмаслиги керак. Чунки масала талабалар эмас, "янги Ўзбекистон"даги инсон қадри ҳақида кетмоқда”.

Талабалар вақтинча чиқариб юборилгани айтилган ётоқхона.
Талабалар вақтинча чиқариб юборилгани айтилган ётоқхона.

Бундай ҳолат Ўзбекистонда илк бор кузатилаётгани йўқ. Президент ташрифлари, халқаро саммитлар ёки юқори мартабали амалдорлар билан учрашувлар муносабати билан билим даргоҳларида дарслар академик календардан мустақил равишда бекор қилинади. Кўчалар орган ходимлари назоратида бўлади, дўконлар ишламайди, автомобилларнинг, одамларнинг ҳаракатига чеклов қўйилади, ёки умуман ҳеч кимга юришга рухсат берилмайди. Шошилинч касалхонага бориши керак бўлганлар бошқа туманларга йўналтирилади. Айрим ҳолларда талабалар ва ўқувчилар расмийларни кутиб олиш маросимларида қатнашиб, йўл ёқасида гул кўтариб туришади ёки саҳналаштирилган чиқишларда иштирок этадилар.

Айниқса, сўнгги пайтлари турли халқаро саммитлар ёки учрашувлар тез-тез ўтказилаётган Самарқанд бундай чекловлар одатий ҳолга айланиб бормоқда.

Стив Свердлов
Стив Свердлов

“Кўпинча бундай вазиятлардан кейин президент бу ҳақда билмагани ва бу каби қарорлар маҳаллий ҳокимиятлар даражасида қабул қилинганини эшитамиз. Умид қиламанки, президентнинг ўзи бу ҳолатга ойдинлик киритади ва ҳаммага тушунтириб беради. Талабалар таълим олиши керак, ва олий даражали меҳмон ташрифи муносабати билан турли ҳашарлар ҳам ўтказилмаслиги лозим. Ахир Ўзбекистон пахта далаларидаги мажбурий меҳнатга қарши кураш олиб бормоқдаку. Шунинг учун мен ва менимча, барча инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳам шунга умид қиламизки, бундай ишлар бошқа такрорланмайди” - дейди Стив Свирдлов.

Ўзбекистонлик фаоллардан бири Исмоил Солиев кўп йиллардан бери такрорланиб келаётган бундай “тайёргарликларни” тўхтатиш учун ҳокимият ўзида сиёсий эрк топа олмаётганини айтди:

Исмоил Солиев
Исмоил Солиев

“Расмий ташрифни деб, шунча ҳалқни безовта қилиш одобдан эмас. Иккинчидан, бу ҳуқуқий давлатга ярашмайди. Италия бош вазирига “Сиз бизнинг юртимизга келганингиз учун шунча ҳалқ ишидан қолди, кўчага чиқарилмади, сизнинг ташрифингиз туфайли Ўзбекистоннинг орган ходимлари одамларни қамалда сақлайдилар” десангиз, у мана шу расмий сафаридан бош тортади. Чунки, Италия демократик давлат. Аммо бизникилар уни тушинмаслиги мумкин. Бизнинг президентимиз Европага борса, йўллар тўсилмайдику, ишлайдиганлар ишига, ўқийдиганлар ўқишига бораверади. Мабодо, ўзбек президентининг бориши матбуотда акс этган бўлса, ҳатто мухолифат вакилларига музокаралар ўтадиган жойларда пикетга чиқишга ҳам рухсат берилади”.

"Потёмкин қишлоқлари" синдроми

Нуфузли меҳмонлар келиши олдидан шаҳарларни қамал қилиш, кўчаларни тозалаш, қуриган дарахтларни яшилга бўяш, атрофни вақтинча, гуллатиш ўқувчиларни йўл бўйига тизиш каби тайёргарликлар постсовет, айниқса Марказий Осиё давлатларида одатий ҳолга айланган. Экспертлар эса буни "Потёмкин қишлоқлари" синдроми ҳам дейишади. Яъни, 18-асрда Екатерина II маслаҳатчиси Григорий Потёмкин императрица саёҳат қилмоқчи бўлган ҳудудларга йўл бўйлаб сунъий "қишлоқлар" қурдиргани айтилади. Бу қишлоқларда қоғоздан, фанерадан тайёрланган чиройли уйлар, дарахтлар ва фермерлар ролини ўйнаётган кишилар бўлади. Бу воқеа чиндан ҳам бўлганми ёки йўқми, баҳслар давом этиб келмоқда. Лекин "Потемкин қишлоқлари" ибораси мавжуд ва у камчиликларни яшириш, реал ҳолатни қалбаки кўркамлик билан алмаштириш маъносини англатади.

Комил Жалилов
Комил Жалилов

Таълим соҳаси бўйича эксперт Комил Жалилов буни юқори даражали меҳмонлар олдида иллюзия яратиш дейди:

“Яъни, бу ишлар "Мана, бизда ҳамма нарса чиройли, гўзал” деган иллюзия яратиш учун керак. Аслида бу йўқ нарсани бор деб кўрсатиш иштиёқи. Иккинчи катта муаммо: ўта кетган кучли ҳадиксираш, хавфсизлик чоралари. Бу ҳам авторитар давлатларда "тепадагилар" ва оддий ҳалқ орасидаги масофанинг бир кўриниши”.

Ўзбекистонда амалдорларнинг ташрифи арафасида кўчаларни безаб, тартибга келтириш марҳум президент Ислом Каримов даврида муҳим сиёсий тадбирларнинг бир қисмига айланган эди.

Мирзиёев иқтидорга келганидан кейин ўзининг жойларга ташрифи олдидан вилоят, туман ва шаҳарлардаги мутасадди раҳбарлар томонидан қилинаётган кўзбўямачиликларни бир неча бор қоралаган. Аммо бу танқидларга қарамай, ҳолатлари давом этаётгани кузатилмоқда.

“Мен бу ҳолатни ўрганиш жараёнида суҳбатлашган барча одамлар гапни бир хил ибора билан бошлашади: "Бу янгилик эмаску!" дейишади. Бундай ҳолатлар Жиззах, Андижон ва президент Шавкат Мирзиёев, унинг қизи Саида Мирзиёева ёки хорижий давлат арбоблари ташриф буюраётган барча шаҳарларда тез-тез кузатилади. Баъзи пайтлар шундай бўладики, шаҳар марказидаги уйларда яшовчи аҳоли эрталаб ишга чиқа олмай қолишади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уларни кўчада юришга қўймайди. Ўзбекистонда амалдорлар учун минглаб квадрат метр майдонлар ажратилади, лекин расмий ташрифлар пайтида минглаб талабалар ётоқхонасиз қолиши, уларнинг хавфсизлигига таҳдид юзага келиши ҳеч кимни ўйлантирмайди. Бу давлатнинг айби эмасми? Шундай қилиш тўғрими?” - деди Надежда Атаева.

Ривожланган демократик давлатларда юқори мартабали меҳмон ташрифлари муносабати билан шаҳарлардаги таълим жараёнини тўхтатиш — кам учрайдиган ҳолат. Масалан, Франция, Германия ёки Япония каби мамлакатларда расмий ташрифлар, ҳатто G7 каби йирик саммитлар ҳам, кўп ҳолларда таълим муассасаларига таъсир қилмайди. Қўшимча хавфсизлик чоралари кўрилади, йўллар вақтинчалик чекланади, лекин талабалардан ётоқхоналарни бўшатиш сўралмайди.

Форум

XS
SM
MD
LG